ТАДБИРКОРЛИК СУБЪЕКТЛАРИНИНГ ҲУҚУҚ ВА ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШДА ҲАКАМЛИК СУДЛАРИ ВА МЕДИАЦИЯНИНГ РОЛИ

26 июль 2019

Ўзбекистон Республика Савдо-саноат палатаси томонидан АҚШ ҳалқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда  суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури доирасида Самарқанд шаҳрида "Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ҳакамлик судлари ва медиациянинг роли" мавзусида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

photo2019-07-2609-51-12.jpg

Семинарда Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат Палатаси ҳузуридаги ҳакамлик судлари ва унинг Самарқанд, Қашқадарё, Фарғона вилоятлари ҳудудий бошқармалари ҳузуридаги ҳакамлик судлари судьялари, Самарқанд вилоят ҳокимлиги, прокуратураси, адлия бошқармаси, фуқаролик  ва иқтисодий судлар, туманлараро судлар масъул ходимлари, тадбиркорлар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.

Анжуманда "Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожланиш босқичлари"," Хорижий давлатларда медиация: ҳуқуқий асослари ва амалиёт" , Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари", Ҳакамлик муҳокамасининг афзалликлари ва ҳакамлик судларида иш юритиш тартиби" мавзуларида ҳуқуқшунос олимлар ва мазкур соҳанинг тажрибали мутахассис ҳуқуқшунослари маърузалари тингланди.

Илмий-амалий семинарда таъкидланганидек, мамлакатимизда тадбиркорлик, тижорат ва хусусий секторга нисбатан муносабатларни тубдан ўзгартириш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилинишига йул қуймаслик, қонуний манфаатлари ҳимоясини таъминлашга қаратилган ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими шакллантирилди ва унинг ташкилий механизми такомиллашиб бормоқда.

Ижтимоий ҳаётда турли субъектларнинг  манфаатлари тўқнашуви, улар ўртасида баҳс-мунозалар ва низолар келиб чиқиши табиий. Низоларни ҳал этиш тизими уларни суд орқали ва муқобил усуллар билан ҳал қилишни ўз ичига олади.

Сўнгги йилларда низоларни муқобил усуллар орқали ҳал этишга катта эътибор қаратилмоқда. Низоларни муқобил ҳал қилиш усулларига, хусусан, қуйидагилар киради: музокара; талабнома, медиация, ҳакамлик судлари ва ҳалқаро тижорат арбитражи.

         Тадбирда  АҚШ халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари бўйича дастури директорининг ўринбосари Н.Рашич сўзга чиқиб, Ўзбекистонда суд ҳуқуқ ислоҳотларида олиб борилаётган давлат сиёсати тўғри йўлдан кетаётганлигини, муаммоларнинг муқобил ечимларини излашга интилиш ортганини, бу келажакда яхши натижа беришини таъкидлади.

Шундан сунг, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги Ҳакамлик судининг раиси, юридик фанлар доктори  Ф.Отахонов  “Ўзбекистонда низоларни муқобил ҳал қилиш: ҳуқуқий асослари ва ривожлантириш босқичлари” мавзусида маъруза қилди.  

Семинарда Фуқаролар ташаббусларини қўллаб-қуватлаш марказининг ҳуқуқий масалалар бўйича маслаҳатчиси, юридик фанлар номзоди Д.Якубова "Хорижий давлатларда медиация: ҳуқуқий асослари ва амалиёт" мавзусида сўзга чиқиб, медиация ўтказилиш жараёни ва томонларга берилиши мумкин бўлган қулайликлар тўғрисида фикр юритди.

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси  Фарғона вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги ҳакамлик суди раиси Қ.Норматов  "Ҳакамлик судларида иқтисодий низоларни ҳал қилишнинг ўзига хос хусусиятлари" мавзусида маърузаси тингланди.

Таъкидландики, "Ҳакамлик судлари тўғрисида"ги Қонунда ҳакамлик судлари фаолиятининг асосий принциплари, уларни ташкил этиш ва ҳисобини юритиш тартиби, мазкур судлар томонидан ҳал этиладиган низолар, ҳакамлик битими шакли ва мазмуни, ҳакамлик судьясига қўйиладиган талаблар, ҳакамлик судининг таркибини шакллантириш, низони ҳакамлик судида ҳал қилиш билан боғлиқ харажатлар, ҳакамлик муҳокамаси, ҳакамлик судининг ҳужжатлари, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш ва уни ижро этишга оид нормалар белгиланган.

"Медиация тўғрисида"ги Қонунда: медиациянинг мақсади, асосий принциплари, медиаторларга қўйиладиган талаблар, медиаторларнинг ва медиация тарафларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, медиаторлар реестрини юритиш тартиби, медиация тўғрисида келишув, медиация жараёни, медиация натижасида низони ҳал қилинганлиги тўғрисидаги келишувга оид нормалар мустаҳкамланганлиги муҳим аҳамият касб этган.

Бугунги кунда низоларни нафақат давлат судлари ( фуқаролик ишлари буйича судлар, иқтисодий судлар) балки ҳакамлик судлари воситасида ҳал қилиш кўлами ҳам тобора кенгайиб бормоқда.

Маълумот учун айтиш жоизки, Савдо-саноат палатаси ва унинг ҳудудий бошқармалари ҳузурида ташкил қилинган 15 та ҳакамлик судлари томонидан 2007-2019 йиллар мобайнида жами 22 минг 58 та ишлар кўрилган бўлиб, даъво суммаси 764,5 млрд.сўм ва 55,6 млн АҚШ долларини, 195,1 минг Еврони ташкил қилган.

Илмий-амалий семинар иштирокчилари томонидан Ўзбекистонда низолар муқобил ҳал қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, музокаралар ўтказиш ва талабномалар юбориш орқали низоларни ҳал қилиш амалиётини кенгайтириш, медиация марказларини ташкил қилиш, медиаторларни тайёрлаш буйича ташкилий тадбирларни жадаллаштириш, ваколатли судлар билан ҳакамлик судлар ўртасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш, ҳакамлик судьялари ва ҳакамлик  судьялигига номзодларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, низоларни кўриб чиқиш бўйича ҳакамлик судьялари ўртасида тажриба алмашиш, ҳакамлик судлари ҳал қилув қарорлари ижросини таъминлаш каби масалалар буйича таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Тадбир ишчанлик ва кўтаринки руҳда ўтди.

 

 Самарқанд вилояти иқтисодий суди