СУД ХОДИМЛАРИГА ЗАМОНАВИЙ БИНОЛАР

14 май 2019

Кейинги пайтда суд тизимидаги судья ва суд ходимларининг самарали ишлаши учун, судларга ташриф буюрадиган фуқароларга қулай шароит яратиш мақсадида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

 sud.png

Айни пайтда маъмурий судлар - жиноят ишлари бўйича судларнинг биноларига, туманлараро иқтисодий судлар - фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларининг биноларига жойлаштирилган. Мазкур бинолар аксарияти ҳозирги давр талабига жавоб бермайди. Бу эса ўз навбатида, судлар учун кўплаб алоҳида бинолар ёки қўшимча хоналар қуришни тақозо этмоқда.

Ушбу мақсадда яроқсиз ёки маънан эскирган ва талабга жавоб бермайдиган биноларда фаолият юритаётган судлар учун Олий суд ҳузуридаги судлар фаолиятини таъминлаш Департаменти томондан ишлаб чиқилган янги намунавий лойиҳалар асосида янги маъмурий биноларни қуриш ҳамда мавжуд суд биноларида реконструкция ишларини амалга ошириш чоралари кўрилмоқда.

sud1.png

Намунавий лойиҳаларда бугунги кун талабларидан келиб чиқиб, суд маъмурий биносида қўриқлаш ва назоратдан ўтказиш пости (КПП), турникет, судга ташриф буюрган фуқароларни қабул қилиш хонаси ва кутиш заллари, видеоконференцалоқа тизими орқали суд процессларини “он-лайн” тарзда кўриш хонаси, адвокат ва прокурор хоналари, суд раиси хонаси ва қабулхона, судья ва суд ходимларига алоҳида хоналар, архивариус ва архив хоналари, маҳбусларни вақтинчалик сақлаш ва конвой ходимлари учун махсус хоналар, суд заллари, мажлислар зали, судьянинг маслаҳат хонаси, ашёвий далилларни сақлаш хонаси, видеокузатув, қўриқлаш ва ёнғинга қарши курашиш хавфсизлик тизимлари, локал алоқа тармоғи ва сервер хонаси, замонавий иситиш ва совутиш тизимлари, ҳудудда конвой ва хизмат автотранспортлари учун махсус тўхташ жойлари эътиборга олинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 23 августдаги “Судлар ва адлия органлари фаолиятини моддий-техник ва молиявий таъминлаш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига кўра, судлар учун қурилиш ва таъмирлаш ишлари давлат бюджети ҳисобидан молиялаштирилиши белгилаб қўйилди.

Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 2019 йилга мўлжалланган манзилли “Дастур” бўйича 15 та объектда янги бино қурилади.7 та объектда реконструкция ишлари бажарилади. 2та янги бино учун лойиҳа смета ҳужжатлари тайёрланаяпти. Бунинг учун давлат бюджетидан 50 млрд. сўм маблағ ажратилган.

Бугунги кунда фуқаролик ишлари бўйича Шеробод ва Шеробод иқтисодий туманлараро судларига намунавий лойиҳа асосида янги маъмурий бино қуриш ишлари ҳамда Оқолтин иқтисодий туманлараро судига қўшимча янги бино қуриш ва фуқаролик ишлари бўйича Оқолтин туманлараро судининг мавжуд биносида  реконструкция ишлари жадал суръатларда амалга оширилмоқда.

 

    Олий суд Матбуот хизмати