ОНЛАЙН МАШҒУЛОТ

07 июнь 2019

Судьялар олий мактабида Республика иқтисодий судлари судьялари учун видеоконференцалоқа режимида “Иқтисодий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги” мавзусида онлайн машғулот ўтказилди.
Унда Қорқалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлараро иқтисодий судларининг судьялари, судьялик лавозимларига номзодлар иштирок этди.

 Онлайн машғулотда юридик фанлар номзоди М.Қаландарова бугунги кунда иқтисодий судлар судьялари томонидан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик қоидаларини бир хилда қўллаш, бу борада судьялар томонидан амалиётни бир хиллаштириш ҳамда Иқтисодий процессуал кодекси нормаларини янада такомиллаштириш, Олий суд Пленуми томонидан тегишли тушунтириш бериш бўйича ўз мулоҳазалари билан ўртоқлашди.

 Ташкилотчилар томонидан тайёрланган мавзуга оид муаммоли вазият (кейс стади)га иштирокчилар томонидан кўплаб таклифлар билдирилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, юридик фанлар номзоди А.Шукуруллаев бугунги кунда иқтисодий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилиги бўйича жорий йилнинг 5 ойи давомида ИПКнинг 154-моддаси 1-қисмига асосан 522 та даъво ариза иш юритишга қабул қилишдан рад этилганлиги ва ИПКнинг  155-моддасига асосан 2460 та даъво ариза судлар томонидан қайтарилганлигини таъкидлаб ўтди.

Шунингдек, Олий суд томонидан иқтисодий судлар судьялари учун амалиётни бир хилда қўллаш борасида қўлланмалар тайёрланганлиги, Олий   суд Пленуми белгиланган тартибда (Пленум қарорларида) тушунтиришлар бериш юзасидан ишлар амалга оширилаётганлигини айтиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 6 январдаги “Судьялик лавозимларига номзодларни тайёрлаш, судьялар ва судлар аппарати ходимларини қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини ҳамда мамлакатда малакали ва етук судлар корпусини шакллантиришга қаратилган илк онлайн ўқув машғулоти қизғин баҳс мунозараларга бой бўлди.

 Машғулот якунида судьялар томонидан  иқтисодий ишларнинг судга тааллуқлилиги ва судловга тегишлилигини қонунчилик асослари бўйича янада такомиллаштириш юзасидан тегишли таклифлар ишлаб  чиқилди.

 

У.Сайдахмедов,
Судьялар олий кенгаши
ҳузуридаги Судьялар олий мактаби
“Иқтисодий ҳуқуқ” кафедраси ўқитувчиси