НИЗО КЕЛИШУВ БИЛАН ТУГАДИ

10 июнь 2019

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 130-моддасига кўра, суд тарафларнинг келишуви учун чоралар кўради, уларга иқтисодий суд ишларини юритишнинг барча босқичларида низони ҳал этишга кўмаклашади.

Мазкур процессуал ҳуқуқ нормаларига амал қилиниши натижасида Бекобод туманлараро иқтисодий суди томонидан кўриб чиқилган низо ижобий ҳал этилиб, тарафлар ўртасида келишув битими тузилишига эришилди.

Маълум бўлишича, даъвогар Ўзбекистон Республикаси Автомобиль йўллари давлат қўмитаси “Ўзйўлбутлаш” Республика таъминот бошқармаси унитар корхонаси ва жавобгар “Бекобод йўлиндустрия” унитар корхонаси ўртасида 2017 йил 25 майда тузилган 12-сонли воситачилик (комиссия) шартномаси тузилган.

Ушбу шартноманинг 1.1-бандига кўра, даъвогар томонидан жавобгарга тегишли ҳисоб варақ-фактураларга асосан етказиб берилган 60/90 маркали битум маҳсулотлари бўйича 66, 8 млн. сўм 3 фоизли комиссия рағбатлантирилиши ҳамда 231, 4 млн. сўм юк харажатлари (божхона тўловлари, декларант хизматлари, темир йўл харажатлари, банк хизмати харажатлари), жами 298,3 млн. сўм ҳисобланган.

Шартнома шартларидан келиб чиқиб, даъвогар ўзининг шартномавий мажбуриятларини лозим даражада бажарган.

Бироқ жавобгар шартномавий мажбуриятларни бажармасдан, кўрсатилган хизматлар учун тўловни қисман амалга ошириб, даъвогар олдида 240,3 млн. сўм қарздор бўлиб қолган. Ушбу ҳолат тарафлар вакилларининг кўрсатмалари, ҳисоб варақ-фактуралар ҳамда ишдаги бошқа ҳужжатлар билан тасдиқланди.

Натижада, даъвогар судга даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгардан 240,3. млн сўм асосий қарз, кўрсатилган хизматлар бўйича тўлов ўз вақтида амалга оширилмаганлиги учун амалдаги қонун ҳужжатларига асосан 36,5. млн.  сўм жарима ва 120,1 млн. сўм пеня, жами 396,5 млн. сўм ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
163-моддасига кўра, судья ишни суд муҳокамасига тайёрлаш чоғида тарафларни келиштириш чораларини кўради.

Шунга асосан даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги суднинг ажримида тарафларни келиштириш чораларини кўриш мақсадида уларга низони келишув битими асосида ҳал этиш таклиф қилинган.

Суднинг биринчи мажлисида даъво юзасидан тарафларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, уларни яраштириш учун низони келишув битими билан ҳал этишнинг ҳуқуқий оқибатлари, унинг афзаллик томонлари суд томонидан тарафларга тушунтирилган ва уларга келишув битими тузиш учун яна бир марта имкон берилиб, суд мажлиси кейинга қолдирилган.

Кейинги суд мажлисида жавобгарнинг вакили мазкур иш юзасидан тарафлар ўзаро келишувга эришганлигини билдириб, келишув битимини судга тақдим этган ва уни тасдиқлаб беришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг
131-моддасига кўра, тарафлар низони келишув битимини тузиб ҳал этиши мумкин. Келишув битими даъво тартибидаги ҳар қандай иш бўйича тузилиши мумкин.

Тарафлар ўртасида тузилган келишув битимига кўра жавобгар асосий қарзни даъвогарга уч ой муддатда бўлиб-бўлиб тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Ўз навбатида даъвогар даъвонинг 36 ,5 млн.сўм жарима, 120,1 млн. сўм пеня ундириш талабидан воз кечган ва жавобгар давлат божи ва почта харажатларини тўлашни ўз зиммасига олган.

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси
132-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, келишув битимида жавобгар томонидан мажбуриятларни кечиктириб ёки бўлиб-бўлиб ижро этиш тўғрисидаги, талаб қилиш ҳуқуқидан бошқа шахс фойдасига воз кечиш ҳақидаги, қарздан тўлиқ ёки қисман воз кечиш ёхуд қарзни тан олиш тўғрисидаги, суд харажатларини тақсимлаш ҳақидаги шартлар ва қонунга зид бўлмаган бошқа шартлар кўрсатилиши мумкин.

Суд, тарафлар ўртасида тузилган келишув битимида қонун ҳужжатларига зид бўлган шартлар мавжуд эмаслигини инобатга олиб, келишув битимини тасдиқлашни ва мазкур иш бўйича иш юритишни тугатишни, келишувга асосан суд харажатларини жавобгардан ундиришни лозим топди.

Мазкур келишув битими тарафларнинг хоҳиш-иродасига кўра тузилган бўлиб, унинг шартлари тарафларнинг манфаати ёки давлат манфаатларига зид келмайди.

Хулоса қилиб айтганда, иқтисодий ишларда низоларнинг келишув битими асосида ҳал этилаётгани ортиқча сарсон-саргардонликнинг олдини олиш билан бирга, адолат қарор топишига ҳамда тадбиркорлик субъектларининг судлар фаолиятидан рози бўлишига хизмат қилмоқда. 

 

М.Набиев
Бекобод туманлараро
иқтисодий суди судьяси