КАФОЛАТЛИ ҲИМОЯ

08 июль 2019

ФУҚАРОЛАРНИНГ СУДЛАРГА БЎЛГАН ИШОНЧИНИ ТОБОРА ОШИРМОҚДА

Маълумки, мамлакатимизда мустақил суд ҳокимияти зиммасига фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоялаш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтиришдек масъулиятли вазифа юклатилган.

Судлар инсон ҳуқуқлари ҳам­да қонуний манфаатларини Конституциямиз ва амалдаги қонунларга таяниб, ваколатлари доирасида ҳимоя қилмоқдалар. Бунинг самараси ўла­роқ фуқароларнинг суд ҳокимиятига, адолат бар­қарорлигига, қонун устуворлигининг бардавомлигига ишончи тобора ортмоқда.

Мисол учун Самарқанд вилояти, туман ва шаҳар маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг дастлабки беш ойида 744 та оммавий-ҳуқу­қий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий ишлар кўриб чиқилди. 580 та ариза судлар томонидан қаноатлантирилди. 124 та ариза рад қи­­линди. Ёки 27 та ариза бў­йича юритилган ишлар тугатилган бўлса, 13 та ариза кўр­масдан қолдирилди. Маъмурий ишларнинг 79 таси сайёр суд мажлисларида кў­риб чиқилди.

Масалан, Қ.Файзиев (исм-фамилиялар ўзгартирилди) судга ариза билан мурожаат қилиб, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги "Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун танлов асосида ер участкалари бериш тартиботларини ва қурилиш учун рухсатномалар олиш тартибини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори ижроси доирасида вилоят ҳокимлиги томонидан ўтказилган танловда иштирок этиб, ғолиб деб топилганини қайд этган.

Шундан сўнг туман ер участ­калари бериш (реализация қилиш) комиссиясининг 16-сонли далолатномасига асосан Иштихон туман ҳокимининг Қ.Файзиевга тумандаги "Қиёт" маҳалла фуқаролар йиғини, Бойлар қишлоғи ҳу­дудида Сунъий қопламали стадион қуриш учун 1000,0 квадрат метр ер майдонини доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратиш тўғрисида қарори қабул қилинган. Ушбу ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиш туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонаси зиммасига юклатилган.

Аслида ҳамма муаммо шундан бошланган. Чунки Қ.Файзиев туман ер тузиш ва кўч­мас мулк кадастри Давлат корхонасига ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб, бир неча марта мурожаат қилади. Иш битиши учун тадбиркор бўзчининг мокисидек қатнайди. Ле­кин туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонаси мутасаддилари стадион қу­риш учун ажратилган ер майдони низоли эканини рўкач қилишдан нарига ўтишмайди.

Шундан сўнг Қ.Файзиев туман ҳокимининг қарорига асосан ўзининг номига ажратилган 1000,0 квадрат метр ер майдонини давлат рўйхатидан ўтказиб бериш мажбу­рия­тини туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри хизмати зиммасига юклашни сў­раб, судга мурожаат қилади. Иштихон туман маъмурий судининг 2018 йил 5 февралдаги ҳал қилув қарори билан Қ.Файзиевнинг мурожаати қаноатлантирилди.

Ўз навбатида, суднинг уш­бу қароридан норози бўлган ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Иштихон туман Давлат корхонаси раҳбари ў.Очилов кассация тартибида шикоят берди. Кассация инстанциясининг очиқ суд мажлисида Ў.Очилов суд ишни бир томонлама кўр­гани, ҳақиқий ҳолатга етарлича баҳо бермагани, ушбу низоли ер майдони туман ҳокимининг 2017 йил 14 январдаги қарори билан ҳаммом қу­риш учун В.Турдиевга ажратилганини баён қилди. Фуқаролик ишлари бў­йича Иштихон туман судига В.Турдиев Қ.Файзиев томонидан ер майдонига ўзбошимчалик билан тўкилган тошни олдириш ҳа­қи­да даъво аризаси билан мурожаат қилгани, суд қарори қабул қилинганини билдирди.

Шунингдек, у В.Турдиевга ажратилган ер майдони қонун талабига кўра, давлат рўйхатидан ўтказилганини қайд этиб, биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, аризачи Қ.Файзиевнинг ши­­коят аризасини рад этиш ҳақида янги ҳал қилув қарори чиқаришни сўради.

Кассация судида мутахассис сифатида сўралган туман архитектори Г.Азаматов масалага ойдинлик киритди. Маиший хизмат уйи, стадион, ҳаммом ва омборхона қуриш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 7 октябрдаги 285-сонли қарори ижроси юзасидан ер майдонлари танловга қўйилган. Ушбу танловда Қ.Файзиев ҳам иштирок этган ва ғолиб чиққан. Ана шу танлов ўтгунига қадар стадион ва омборхона учун ажратилган ер майдонида баъзи фуқаролар ўзбошимчалик билан уй-жой қуриб олишган. Улар огоҳлантирилиб, уй-жойни бузиш юзасидан судга мурожаат қилинган. Г.Азаматовнинг маълум қилишича, туман раҳбарияти билан келишилиб, Қ.Файзиевга стадион, В.Турдиевга эса, ҳаммом қуриш учун туман захирасидаги майдондан ер ажратилган.

Туман архитектори Г.Азаматов томонидан туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонаси бошлиғига тадбиркор В.Турдиевга ер майдони нотўғри берилгани, шу боис уни давлат рўйхатидан ўтказиш қонунга зид экани билдирилган. Қ.Файзиевнинг қурган стадиони ўзига берилган ер майдонига тўғри келади. Низолашаётган В.Турдиев ва Қ.Файзиевларнинг ер майдонлари алоҳида-алоҳида.

Амалдаги Фуқаролик процессуал кодексининг 269-моддаси 1-қисмида фуқаро ўзининг ҳуқуқлари ва эркинликларини бузадиган хатти-ҳаракатлар (қарорлар) устидан бевосита судга ёки бўй­сунув тартибида юқори ор­ганга, мансабдор шахсга мурожаат қи­лишга ҳақлилиги, суд шикоят­нинг асосли эканлигини аниқласа, шикоятга сабаб бўлган хатти-ҳаракатни (қа­рорни) ғайриқонуний деб топиши, фуқаронинг талабини қаноатлантириш вазифасини юклаши, унга нисбатан қўл­ланган жавобгарлик чораларини бекор қилиши ёки унинг бузилган ҳуқуқ­лари ва эркинликларини бош­қа йўллар билан тиклаши назарда тутилган.

Гувоҳи бўлганингиздек, туман ҳокимининг қарорига асосан, Қ.Файзиевга стадион қуриш учун ер майдони ажратилган.

Бироқ туман ҳокимининг ушбу қарори қонуний кучда бўлса-да, туман ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри Давлат корхонаси томонидан сунъий қопламали стадионни давлат рўй­хатидан ўтказиш асоссиз равишда рад қилинган.

Кассация инстанцияси суд­лов ҳайъати юқорида қайд этилган қонун талаби ва иш ҳолатларидан келиб чиқиб, манфаатдор шахс ў.Очиловнинг кассация шикоятини қа­ноатлантирмасдан, биринчи босқич судининг ҳал қилув қа­рорини ўз­гаришсиз қолдиришга қарор қилди.

Шу ўринда яна бир мисолга тўхталадиган бўлсак, пайариқлик Ҳурият момо 1919 йилда туғилган. Бир асрлик ҳаёт йўлини босиб ўтган онахон ҳозирга қадар туғилганлик тўғрисида гувоҳномага эга эмас экан. Онахон туғилган кунини ўзи билмайди, отасининг фамилияси Мирзақобилов, исми эса, Абдураҳмон бўлган. Онасининг ис­ми Тожихол, фамилияси эса, Файзуллаева. Уларга дахлдор бирон-бир ҳужжат сақланиб қолмаган. Юз билан юзлашган онахоннинг қўлида ягона пенсионерлик гувоҳномаси бор, холос, унга шунга асосан нафақа пули берилади.

Ҳ.Умированинг ўғли П.Шер­­қулов туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, бир неча йиллардан бўён онаси Х.Умировага туғилганлик тўғрисида гувоҳнома олиш мақсадида турли ташкилотларга мурожаат қилгани, би­роқ натижа бўлмагани, шу бо­ис бу борада амалий ёрдам кўрсатишни сўраган.

Туман адлия бўлими, ўз нав­батида, судга ариза билан мурожаат қилиб, П.Шер­қу­ловнинг аризасини қаноатлантириш ва Пайариқ тумани 1-сон ФҲДЁ бўлимининг 2019 йил 7 мартдаги 127-сонли хатида кўрсатган хатти-ҳаракатларни ҳақи­қий эмас, деб топиш ва ФҲДЁ зиммасига Мирзақобилова Ҳуриятнинг туғилганлигини қайд этиш мажбурия­тини юклашни сўраган.

Суд мажлисида онахоннинг ўзи ҳам кўрсатма берди. 1940 йилда Ш.Умировга турмушга чиққани ва Умирова фами­лия­сига ўтгани, тўққиз нафар фарзанди борлигини қайд этиб, ФҲДЁ бўлими зиммасига туғилганлик гувоҳномасини бериш мажбуриятини юклашни сўради.

Суд мажлисида жавобгар — Пайариқ тумани 1-сон ФҲДЁ бўлими мудираси М.Ва­ҳо­бова Ҳ.Умированинг ҳужжатлари тўлиқ бўлмагани сабабли унинг важларини тасдиқлаш имкони — фақат судга мурожаат қилиш ҳуқуқи ту­шун­ти­рилганини қайд эт­ди.

Пайариқ тумани "Янги­обод"­ маҳалла фуқаролар йиғини раиси Т.Худойбердиев томонидан судга тақдим этилган далолатномада 1919 йилда туғилган Х.Умирова шу манзилда яшаб келаётгани, аммо унинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар йўқ экани қайд этилган. Шунингдек, Самарқанд вилояти ФҲДЁ архиви маълумотномасида Мирзақобилова (Абдураҳмонова) Ҳуриятнинг туғилганлик ҳақи­даги далолатнома ёзувлари қайд этилмагани кўрсатилган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган "Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини қайд этиш қои­далари"нинг 19-бандида, 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд этилмаган шахсларнинг туғилганлигини қайд қилиш суднинг ҳал қилув қарори асосида амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Фуқаролик кодексининг 38-моддасига мувофиқ, фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларини тузатиш ва ўзгартиришга етарли асослар бўлса ҳамда манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлмаса, фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органи томонидан амалга оширилади. Манфаатдор шахслар ўр­тасида низо бўлса ёки фуқаролик ҳо­лати ҳужжатларини ёзиш ор­гани ёзувни тузатиш ёки ўз­гартиришни рад этса, низо суд томонидан ҳал қилинади.

Фуқаролик ҳолати ҳужжатлари ёзувларини бекор қи­лиш ва тиклаш фуқаролик ҳолати ҳужжатларини ёзиш органи томонидан, манфаатдор шахслар ўртасида низо бўлса ёки фуқаролик ҳолати ҳужжатларидаги ёзувларда жиддий тафовутлар бўлса, суд қарори асосида амалга оширилади.

Бундан ташқари Вазирлар Маҳкамасининг юқорида қайд этилган қарори 1-иловаси 18-бандида белгиланган муддат ўтиб кетганлиги туғилганликнинг қайд этилишига тўс­қинлик қила олмаслиги белгиланган.

Суд юқорида қайд этилган қонун ва Вазирлар Маҳкамаси қарори талабларидан келиб чиқиб, Ҳ.Умированинг аризасини қаноатлантириш зарур деган тўхтамга келди. 1-сон ФҲДЁ бўлими мансабдор шахслари зиммасига амалдаги йўриқномаларда белгиланган тартибда туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувларини тиклаш мажбуриятини юклади.

Яқинда Пайариқ туман маъ­­мурий судининг Йўлтепа қишлоғидаги П.Шерқулов хонадонида бўлиб ўтган сайёр суд мажлисида туман адлия бўлимининг (қизлик фа­милия­си Мирзақобилова) Ҳурият Умированинг манфаатларини кўзлаб, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракатлари устидан келтирган аризасини қаноатлантириш, 1-сонли ФҲДЁ бў­лими мансабдор шахслари зиммасига Х.Умированинг туғилганлик ҳақида далолатнома ёзувларини тиклаш мажбурия­ти юклатилган суд қарори қабул қилинди.

Кекса онахон адолат қарор топганидан беҳад мамнун бўлди, севинч кўз ёшлари би­лан дуога қўл очди.

Хулоса қилиб айтганда, судлар амалдаги қонун талабларидан келиб чиқиб, фуқароларнинг ҳуқуқ­лари ва қо­нуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилмоқдалар.


Ботирали ДИЁРОВ,
Самарқанд вилояти
маъмурий судининг раиси